© Фотохост-агентство

Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни Россияга расмий ташриф билан келишни сўради. РИА Новостининг хабар беришича, Ислом Каримов ва Владимир Путин ШҲТ саммити арафасида ушрашган.

“Шуни эслатиб ўтмоқчиманки, сиз анчадан бери бизга давлат ташрифи билан келганингиз йўқ. Биз тез-тез учрашиб турамиз, мулоқот қиламиз. Сиз Россияда кўп бўласиз, аммо расмий дипломатик мулоқотларда ҳам қандайдир маъно бор. Сизни Россия Федерациясига давлат ташрифи билан келишингизни таклиф қиламан”, деди В. Путин.

Ислом Каримов, ўз навбатида, турли масалалар бўйича баҳслар Ўзбекистон ва Россияни бир-биридан ажрата олмаслигини, икки мамлакатни жуда кўп нарса боғлаб туришини қайд этди.

“Дунёда кўплаб турли жараёнлар кечмоқда, агар кимнингдир фикри қайсидир масала бўйича бир-бирига тўғри келмаса, журналистлар, умуман, матбуот, телевидение ушбу турли қарашларни абсурд даражагача етказишга ҳаракат қилади. Мен бундай нарсаларга қаршиман. Ўзбекистон мутлақо бундай қарашларга тўғри келмайди”, деди Ислом Каримов.

Ислом Каримовнинг айтишича, бундай нарсалар бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Ўзбекистон ва Россия манфаатлари бир-бирига яқин бўлиб, икки давлат халқлари жуда оғир синовларни бошдан кечиришган.