© Фотохост-агентство

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан учрашувда ядро қуролига эга янги мамлакатларнинг ШҲТга аъзо бўлиши дунёда кучлар нисбатини ўзгартириб юборишини маълум қилди.

Ислом Каримов айтишича, Ўзбекистон кейинги йилда ШҲТга раислик қилувчи сифатида Ташкилотга янги мамлакатларнинг қўшилиши жараёни нечоғли узоқ давом этишини билиши керак.

“Бу қандай бўлади, қанча давом этади, ушбу икки давлатнинг аъзо бўлиб кириши қанча узоқ муддат давом этади. Ваҳоланки, бу икки мамлакат оддий давлат эмас, балки ядровий қуролга эга мамлакатлар ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан қараш керак. Эртага уларнинг ШҲТга аъзо бўлиб кириши нафақат сиёсий харитани ўзгартиради, балки, менинг фикримча, кучлар нисбатини ҳам ўзгартириб юборади. Шунинг учун ушбу позиция шунчаки оддий воқеа эмас. Бу борада маслаҳатлашишга зарурат бор”, деди Ислом Каримов.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТ минтақавий халқаро ташкилот бўлиб, унга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Монголия, Покистон кузатувчи мақомига эга. Ўтган йили Покистон ва Ҳиндистон ташкилотга аъзо бўлиб киришга расман ариза топширишган.

SHARE