REUTERS/Umit Bektas

Туркия президенти Ражаб Тайиб Эрдўған сайловда кўп ўринни қўлга киритган Адолат ва тараққиёт партияси раҳбари Аҳмет Давутўғлига ҳукумат тузиш учун мандат берди. Шуни қайд этиш керакки, Адолат ва тараққиёт партияси сайловда ғалаба қозонган бўлса-да, ҳукумат тузиш учун етарлича овоз тўплай олмаган эди. Энди у бошқа бир сиёсий партия билан келишган ҳолда коалицион ҳукумат ёки озчилик ҳукуматини тузиши мумкин.

Жума куни Давутўғли парламентда ўрин олган партиялар раҳбарлари билан учрашувлар жадвалини эълон қилди. Жадвалга кўра, у душанба кунидан ҳукумат тузиш учун музокараларни бошлайди. Давутўғлининг айтишича, у душанба куни Халқ-республикачилар партияси, сешанба куни Миллий ҳаракат партияси, чоршанба куни Халқлар демократияси партияси раҳбарлари билан учрашади. “Асосий эътибор биринчи икки партияга қаратилади”, деди у Босния ва Герцеговинага сафари олдидан.

Эслатиб ўтамиз, президент Эрдўғаннинг партияси — Адолат ва тараққиёт партияси жами овозларнинг 40 фоизини қўлга киритди. Бу 258 та депутатлик ўрни бўлиб, парламент кўпчилигини ташкил қилиш учун 18 та ўрин камдир.

Мухолиф партия — Халқ-республикачилар партияси эса 25 фоиз атрофида овозни қўлга киритди. Бу 132 та депутатлик ўрни деганидир. Миллий ҳаракат партияси эса 16,5 овозни қўлга киритган бўлса, биринчи марта партиявий рўйхат бўйича курдлар муаммосига эътибор қаратган Халқлар демократияси партияси 13 фоиз овоз билан парламентда ўрин эгаллаш учун зарур бўлган 10 фоизлик чекловдан ўта олди.

Шуни қайд этиш керакки, Президент Эрдўған сайлов бўлиб ўтганидан сўнг бир ой ўтиб, ҳукуматни шакллантириш учун сайловда ғалаба қозонган сиёсий партия раҳбарига мандат берди. Парламентнинг биринчи йиғилиши 23 июнь куни бўлиб ўтди ва ўша куни депутатлар қасамёд келтирди. 1 июль куни эса парламент ўз спикерини сайлади, орадан бир ҳафта ўтиб парламент аппарати шакллантирилди. Ваҳоланки, конституция бўйича 45 кун ичида ҳукумат тузилмаса, муддатидан олдин сайловлар ўтказилади.

“Ҳуррият” газетаси шарҳловчиси Серкан Демирташнинг ёзишича, Эрдўғаннинг мандатни ўз вақтида бермаслигига сабаб коалиция ҳукумати тузилишига бўлган умидни сўндиришдир. Чунки ўтган давр мобайнида барча сиёсий партиялар ўртасидаги муносабатлар янада ёмонлашди. Муаллифнинг ёзишича, Эрдўған, агар муддатидан олдин сайлов ўтказилса, парламентда оддий кўпчиликни қўлга киритиш эҳтимолига ишонади. Чунки президент яна тўрт йил ишлаши керак. Аммо мухолиф партиялар кўпчиликни ташкил қилаётган ҳозирги ҳолатда унинг фаолияти осон кечмайди.

Яна бир туркиялик эксперт Мустафа Акйўлнинг айтишича, агар муддатидан олдин сайлов ўтказиладиган бўлса, ҳукуматдаги Адолат ва тараққиёт партияси 2-3 фоиз қўшимча овоз олиши ва бу парламентда оддий кўпчиликни ҳосил қилиш учун етарли бўлади. Чунки Эрдўғанга қарши “қора пиар” олиб борилган 7 июнь кунги сайловда бир гуруҳ сайловчилар, гарчи Адолат ва тараққиёт партияси тарафдори бўлса-да, партияни “жазолаш” учун бошқа партияларга овоз берганини ва бугун фикри ўзгарганини таъкидлашмоқда. Муаллифнинг айтишича, мухолиф партияларнинг етарлича тажрибага эга эмаслиги, қолаверса, ўзаро консенсусга келиш эҳтимоли пастлиги ҳам Эрдўған фойдасига ўйнаши мумкин.

Яна бир гуруҳ экспертларнинг фикрича, жорий йилда Туркия катта йигирматалик — G20 саммитига мезбонлик қилади. Шак-шубҳасиз, бу Эрдўған учун ўз рейтингини янада яхшилаб олиш учун айни муддаодир. Бу, агар муддатидан олдин сайлов ўтказиладиган бўлса, сайлов кампаниясида Эрдўған фойдасига ўйнаши турган гап.

                                                                               Мурод ҒОФУРОВ
SHARE