Келгуси икки йилда Ўзбекистон ҳукумати “Ангрен” логистика марказининг давлатга тегишли 49 фоиз акциясини хорижлик инвесторларга сотади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 28 апрелдаги қарорида қайд этилган.

“Ангрен” логистика маркази Тошкент вилоятидаги темир йўли станцияси негизида 2010 йилда ташкил топган. У Ўзбекистоннинг барча ҳудудидан темир йўл орқали кириб келадиган юкларни қабул қилиш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. Ушбу логистика марказидан юклар юк автомобилларида “Қамчиқ” довони орқали водий вилоятларига юборилади.

Хабарларда қайд этилишича, логистика марказининг юк амалиётлари ҳажми 4 миллион тоннани, транзит-юк терминали майдони эса 8,5 гектарни, автомобиль парки эса 340 та транспорт техникасини ташкил қилади.