Жорий йилнинг 13 июль куни АҚШда террорчиликда айбланаётган, асли ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбоновнинг суди бошланади.

32 ёшли Фазлиддин Қурбонов 2013 йилнинг 17 май куни Айдаҳо штатининг Бойсе шаҳрида ҳибсга олинган эди. У одамларни портловчи қурилмалар тайёрлашга ўргатганликда айбланмоқда. Шу билан бирга, АҚШ адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Қурбонов “Ўзбекистон исломий ҳаракати”га алоқаси бўлган ҳамда террористик гуруҳларни моддий қўллаб-қувватлаган.

Idahostatesman интернет нашрининг ёзишича, округ судьяси Эдвард Ж. Лож давлат хавфсизлиги ёки махфий маълумот сифатида тасдиқланган барча материаллар ошкор қилинмаслигини қайд этди. Айни пайтда ишда иштирок этадиган айбланувчи ва адвокатлар ишларни кўриб чиқиб учун қатъий талабларга жавоб бериши керак бўлади.

Терговчиларга кўра, Қурбонов Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқаси бўлиб, унинг ҳибсга олиниши АҚШда ушбу террористик гуруҳ аъзолари учун илк ҳолатдир. Федерал тергов бюросига кўра, Қурбонов рус ва ўзбек тилларида бемалол гаплаша олади.

Эслатиб ўтамиз, Фазлиддин Қурбонов иши суд томонидан бир неча марта кечиктирилган эди.