Jonathan Raa/Demotix/Corbis

Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг Греция инқирози бўйича қарийб 17 соат давом этган якуний битим билан тугади. Европа кенгаши президенти Дональд Туск Грецияга Европа барқарорлаштирувчи механизми орқали молиявий ёрдам бериш юзасидан якдил қарорга келинганини маълум қилди. Келишув айни пайтда Грецияда жиддий ислоҳотларни ўтказишни талаб қилади.

Европа комиссияси раҳбари Жан-Клод Юнкернинг айтишича, улар Grexit содир бўлишининг олдини олишга муваффақ бўлишди. Аксарият таҳлилчиларнинг фикрича, агар Брюссель саммитида бирор тўхтамга келинмаганида, Грециянинг евроҳудуддаги фаолиятига нуқта қўйилган бўларди.

Европа комиссияси амалдорларининг айтишича, чоршанба куни Греция парламенти янги битимни маъқуллаши керак. Шундан сўнг, битим шартлари Европа Иттифоқининг айрим мамлакатлари, хусусан, Германия бундестаги томонидан тасдиқланиши керак бўлади.

Битим талабларига кўра, Греция пенсия тизими ва меҳнат бозорини ислоҳ қилиши керак бўлади. Бундан ташқари, бир қатор давлат объектлари хусусийлаштирилиши лозим.

Хабарларда айтилишича, юнон банкларининг рекапитализацияси учун 25 миллиард евро ажратилади ва сўнг улар хусусийлаштирилади. Умуман, аксарият экспертларнинг айтишича, Алексис Ципрас ҳукумати 5 июль куни референдумда греклар томонидан рад қилинган ислоҳотлар режасидан ҳам оғирроқ битимга кўнишга мажбур бўлган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларининг Грецияга берадиган учинчи ёрдам умумий миқдори 86 миллиард еврони ташкил этади.