Таниқли ўзбекистонлик рижиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг фикрича, коррупция Ўзбекистоннинг ривожланишини тўхтатаётган асосий омил ҳисобланади. Бу ҳақида кун.uz “Адолат кўзгуси” газетасига асосланиб хабар тарқатди.

“Афсуски, бу гапни сиз ҳеч қачон газетангизда чиқармайсиз, – деди у газетага берган интервьюсида. – Лекин менинг шахсий фикрим бор, бу фикр ўта баҳсли, лекин самимий, 31 миллион аҳолидан балким битта одамнинг шахсий фикридир бу: коррупцияни йўқ қилиш керак”.

“Бизнинг ривожланишимизни тўхтатаётган омил коррупция – қавми-қариндошчилик, порахўрлик, пулга ўқишга киритиш, – сўзида давом этди санъат арбоби. – Сизга очиқ-ойдин айтдим, ривожланишни, тараққиётни тўхтатаётган нарса шу. Мен буни ўзим ўйлаб топмадим. Масалан, Хитойда энг катта муаммо – коррупция. Шунинг учун у ерда айбдорлар ўлим жазосига ҳукм қилинади”.

Эслатиб ўтамиз, Зулфиқор Мусоқов Ўзбекистон кино санъатида “Абдуллажон”, “Кичкина табиб”, “Ватан”, “Осмондаги болалар”, “Қўрғошин” сингари машҳур кинофильмлар режиссёри ҳисобланади.

SHARE