Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг раиси, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов олиб борди. Бу ҳақда “Тошкент оқшоми” газетаси хабар беради.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги Фармони ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2012 йил 18 апрелдаги шу йўналишдаги қарори ижроси кўриб чиқилди.

Хабарда айтилишича, аҳоли тинчлигига халал етказмаслик мақсадида тўй, маросим ва оилавий тадбирлар муносабати билан ресторанлар, кафелар, тўйхоналар, гузарлар, хусусий хонадонлар ва кўчаларда соат 23:00 дан 06:00 гача баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналларини бериш, овоз чиқарувчи техника воситаларидан фойдаланиш ва шовқин қилиш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилганлиги таъкидланиб, тўй-ҳашам муносабати билан келин-куёв ва уларнинг яқинлари шаҳар айланишида йўл ҳаракати хавфсизлигига қатъий риоя этилишининг назоратга олиниши, тўй ва маросим эгаларига тадбирни ихчам, камхарж ва дабдабасиз ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинида муҳокама қилиш тавсия этилди.

SHARE