Яқинда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонандалар Анвар Собиров, Лола, Тамила ва Ягонанинг лицензиялари тугатилганлигини эълон қилган эди.

Бу санъат мухлислари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бирлашманинг лицензиялаш бўлими бошлиғи Одилжон Қаҳҳоров sayyod.com сайтига берган интервьюсида ушбу масалага изоҳ берди.

“Лола охирги пайт хаддан ташқари миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган кийимларни кийиши ва уни яна оммага кўрсатиши, ёшларга реклама қилиб худдики тарғиб қилаётгандек бўлмоқда. Ваҳоланки, бир неча маротаба бирлашма тарафидан у огоҳлантирилганди. Шунга қарамасдан, у қайта такрорлагани ва нафақат кийими, балки ижтимоий тармоқларда қўяётган ўзини суратлари ёшларга шарм-ҳаё, ибо ва уят борасида салбий таъсири кузатилади ва буни унинг изоҳларидаги халқнинг эътирозларидан ҳам кўриш мумкин”, – деди Қаҳҳоров.

Анвар Собировнинг лицензияси олиб қўйилишига сабаб сифатида унинг тадбирларда иштирок этмагани сабаб бўлган: “Хабарингиз бор вилоятлар бўйлаб маънавият дарслари ўтмоқда. Ёз бўйи санъаткорлар вилоятларга чиқиб ушбу дарсларда қатнашиб ёшлар билан учрашмоқда. Ёшларга машҳурларнинг таъсири ва ўрнак бўлишидаги самара ҳақида ўзингиз биласиз, аксарият ёшлар машҳурларга тақлид билан ёки намуна билиб эргашади шу сабаб ҳам таниқлилар ёрдамида шундай тадбирлар ўтказилди. Ҳукумат қарорига асосан ҳар ой санъат оламига маънавият дарси ўтилади. Ёшларга етказилиши керак бўлган мавзулар, бўлаётган воқеалар асосида оммага хабарлар етказиш деймизми, хуллас, маънавият тарғиботи борасидаги дарсларга қатнашмаганлиги учун Анвар Собировга шундай чора кўрилди”.

Яна иккита аёл хонанда – Тамила ва Ягона худди шундай тадбирларда қатнашмагани айтилди:

“Тамила хам бир неча бора огохлантирилишига қарамасдан учта клип шунақанги бемаза … Ёдингизда бўлса интернет оламидан хам шулардан бири олинганди. У ҳам маънавият дарсларида кўринмади. Ягона ҳам вилоятлардаги бир икки учрашувларга чақирилганида баҳона қилиб бормади. Тошкентдаги мажлис бўлганида, Рўза пайти ҳаммаси бўш пайти бўлган давр бўлса ҳам келмади”.

SHARE