Қозоғистон шу йилнинг 16 июлидан дунёнинг 19 мамлакати фуқаролари учун виза тартибини бекор қилди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Рапиль Жошибаевнинг айтишича, Австралия, Венгрия, Италия, Монако, Бельгия, Испания, Нидерландлар, Норвегия, Швеция, Малайзия, БАА, Сингапур, Буюк Британия, АҚШ, Германия, Финляндия, Франция, Швейцария ва Япония мамлакатлари фуқаролари Қозоғистонга ортиқча расмиятчиликларсиз келишлари мумкин.

Визасиз режим хорижий давлат фуқаролари учун давлат чегарасини кесиб ўтгандан бошлаб, 15 кун давомида амал қилади. Ушбу енгиллаштирилган виза режими 2017 йилнинг 31 декабрига қадар давом этади.

Янги тартибга кўра, хорижий мамлакатлар фуқаролари Қозоғистон чегара пунктларида рўйхатга олинади. Бунда юқорида номлари зикр этилган мамлакатлар фуқаролари меҳнат, миссионерлик ва бошқа ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

Қозоғистон расмийларига кўра, бундай чора-тадбир мамлакатга туристлар ва инвесторлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.