Қирғизистонда халқаро террористик ташкилот жангариларини йўқ қилиш бўйича махсус амалиёт ўтказилди. Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, тўрт нафар жангари йўқ қилинган.

Жангарилар ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларига қарши жиддий қаршилик кўрсатиб, ўт очишган. Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус бўлинмасининг тўрт нафар ходими турли даражада тан жароҳати олган. Фуқаролар жабрланмаган.

Ҳозирги кунда воқеа жойида тозалаш ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Хабарларда айтилишича, ҳалок бўлган шахслар орасида Қозоғистон фуқаролари ҳам бор.

Дастлабки маълумотларга кўра, террористлар “Ислом давлати”нинг маҳаллий тармоғи аъзолари бўлиб, уларнинг ёнидан портловчи қурилмалар ва ўқотар қуроллар топилган.