kun.uz

Бундан кейин қўшиқни жонли ижро эта олмайдиган хонандалар “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан лицензия олмаслиги мумкин.

Kun.uz сайтининг бирлашма вакили Азизбек Турдиевга таяниб ёзишича, яқинда маънавият кенгаши дарсларига келмаган, бироз нописанд муносабатда бўлаётган санъаткорлардан уч нафарининг лицензияси муддатдан олдин амал қилиши тўхтатилди. 10 нафар санъаткорга қаттиқ огоҳлантириш берилган.

Бирлашма вакилига кўра, бундан аввал лицензия дискда ёзилган қўшиқларни эшитиб, аммо хонанданинг ўзини кўрмасдан туриб берилаверган. Энди бундай тартибларга чек қўйилади. Янги тартибга кўра, қўшиқ айтиш учун рухсатнома олмоқчи бўлган киши келиб бирлашмага мурожаат қилади. Комиссия аъзоларига қўшиқни жонли айтиб беради. Устозлар ижодидан жонли ижро қилиб бергач, лицензия олиши мумкин. Эндиликда концерт тақдим этиш учун йилига бир марта бериладиган лицензия учун ҳам алоҳида талаб қўйилади: камида 60 фоиз жонли ижро қила олсагина, лицензия берилади.

“Энди 100 фоиз фонограмма билан мухлисларни алдашга йўл қўйилмайди”, дейди у.

SHARE