Ўзбекистонда давлат органлари интернетда нечоғли фаол?

Ўзбекистон “электрон ҳукумати”ни ривожлантириш маркази давлат органлари ва хўжалик ташкилотларида ахборот технологияларини жорий қилиш рейтингини эълон қилди. Рейтингда жами 115 та идора, шу жумладан, 56 давлат бошқаруви органи, 45 та хўжалик ташкилоти, 14 та маҳаллий давлат ҳокимияти органи иштирок этди.

“Электрон ҳукумат”ни ривожлантириш марказининг расмий сайтида ёзилишича, рейтинг экспертлар томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг расмий сайтлари мониторинги, Ягона давлат интерактив хизматлари портали маълумотлари, шунингдек, идоралараро nis.uz тизимида ташкилотлар томонидан тақдим қилинган маълумотлар асосида тузиб чиқилди.

Умуман, жорий йилнинг иккинчи ярмида давлат идораларининг рейтинги 59,23 баллдан 68,29 баллга ошган. Рейтингда Давлат солиқ қўмитаси биринчи ўринни эгаллаб, идорада ахборот технологияларини жорий қилиш кўрсаткичи 100 баллдан 95,04 баллни ташкил этди. Иккинчи ўринда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайд этилди. Кучли ўнталикдан фақат Молия вазирлиги ўрин эгаллади. Бу борада давлат компаниялари анча яхши кўрсаткични намойиш этишган.

Рейтинг экспертларининг қайд этишича, аниқланган камчиликларнинг асосий сабаби у ёки бу идорада ахборот технологияларини жорий қилишга масъул бўлинма ёки мутахассиснинг йўқлиги ҳисобланади.