(AP Photo/Carolyn Kaster)

Эрон ядро дастури бўйича ўзаро келишувга эришилганидан сўнг Саудия Арабистони ўз ядро энергетикаси ҳамда атом инфратузилмасини яратиш хусусида бош қотира бошлади.

Reuters экспертларининг маълум қилишича, гарчи Саудия Арабистони ўз ядровий дастури ҳақида ўйлай бошлаган бўлса-да, уни амалга ошириши жуда мушкул бўлади. Чунки бу ишни жамоатчиликдан сир сақлаган ҳолда амалга ошириш жуда қийин кечади.

Айрим экспертларнинг фикрича, агар Эрон ядро қуролини ярата олганида, Саудия учун бу масала осон ҳал бўларди. Чунки бу Ҳиндистон ва Покистондаги вазиятга ўхшашдир. Гап шундаки, атом бомбаси пайдо бўлиши биланоқ Покистон ҳам ана шундай қуролни яратишнинг йўли топди ва бугунги кунда де-факто ядро қуролига эга давлат ҳисобланади.

Умуман, Саудия Арабистон ва Эрон Яқин Шарқ минтақасида ўзаро рақобат қиладиган мамлакатлар бўлиб, янги келишув натижасида Эронга нисбатан иқтисодий санкцияларнинг бекор қилиниши ушбу мамлакатнинг ҳарбий ва иқтисодий имкониятларини янада кучайтиришга хизмат қилади. Айрим манбаларга кўра, шунинг учун ҳам Исроил ва Саудия Арабистони ушбу келишувга ўз норозилигини билдирган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2012 йилда Саудия Арабистони атом энергетикасини ривожлантириш ҳамда KACARE қайта тикланадиган энергия дастурига масъул идораси мамлакатда 17 гигаваттлик ядро реакторларини ишга туширишни тавсия қилган эди.

Ар-Риёд ядровий энергетика ва атом реакторларини барпо этиш бўйича Франция, Россия ва Жанубий Корея билан шартномалар имзолаган. Аммо бу ҳамкорлик фақатгина атом электр станциясини қуришнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ва ядро ёқилғисини ишлаб чиқаришга тааллуқлидир.

Олимларнинг фикрича, атом бомбасини яратишдаги асосий вазифа уранни бойитиш бўлиб, бу жуда мушкул жараён ҳисобланади. Боз устига, ушбу соҳада техникавий ҳамкорлик халқаро ва миллий қонунчилик билан жиддий назорат қилинади.

Саудия Арабистонининг халқаро энергетика тизимидаги роли ҳам унинг атом қуролига эга бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига ёрдам бериши мумкин. Экспертларнинг фикрича, саудлар нефть ишлаб чиқаришни кескин қисқартириш орқали жаҳон нефть бозорини, ўз навбатида, у билан иқтисодиёт тармоқларини карахт аҳволга солиб қўйиши мумкин. Мабодо атом қуролига эга бўлиш истагини рўёбга чиқариш борасида унга ташқаридан босим ўтказиладиган бўлса, Саудия ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан қарши тура олади.

Ҳозирча Саудиянинг ўз ядро дастури борасида ниятлари аниқ-равшан эмас.