Ўзбекистон йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўладиганлар сони камлиги бўйича Марказий Осиёда етакчилик қилади. Бу ҳақида Европанинг ТРАСЕКА лойиҳаси эксперти Деян Йованов маълум қилди.

“Подробно” ахборот агентлигининг ёзишича, мамлакатда ҳар 100 минг кишидан 11,32 нафари йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлар экан. “Ушбу кўрсаткичлар одамни қувонтиради. Аммо Швецияда ушбу кўрсаткич 3 кишини ташкил қилади. Шунинг учун ҳам бу борада ўрганадиган жиҳатларингиз кўп. Бунинг учун тегишли салоҳият мавжуд. ЙТҲ натижасида мамлакат иқтисодиёти ЯИМга нисбатан 2,8 фоиз миқдорида зарар кўради. Буям жуда паст кўрсаткич. Аммо бу кўрсаткични янада камайтириш имкониятлари мавжуд”, деди у.

ТРАСЕКА лойиҳаси Европа Комиссияси томонидан молиялаштириладиган лойиҳа бўлиб, 10 мамлакатда, яъни Арманистон, Озарбойжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Украина ва Ўзбекистон рўёбга чиқарилмоқда. Лойиҳа йўл ҳаракати хавфсизлигини янада яхшилашга қаратилган.