Тошкент шаҳар Сергели тумани ички ишлар бошвармаси 3,5-4 яшар қизчанинг ўлимида гумон қилинаётган шахсга нисбатан қидирув эълон қилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга асосланиб, gazeta.uz сайти хабар тарқатди.

Хабарларда айтилишича, маҳаллий аҳоли шу йилнинг 21 июль куни тумандаги 264-мактаб ҳовлисида адёлга ўралган қизнинг жасадини топишган. Суд тиббий экспертизаси дастлабки маълумотларига кўра, у “нафас олиш йўллари ва бўйин органларининг қаттий жисм таъсирида пайдо бўлган механик асфиксия”дан ҳалок бўлган.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2 қисми “в” банди бўйича жиноий иш очилган (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан ўлдириш).

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчи шахснинг фотороботи тузилган. Милиция маълумотларига кўра, у кўринишидан осиёлик, 30-35 ёш атрофида. Бўйича 180 см. Кўзи ва сочлари қора. Adidas русумидаги шортик ҳамда спорт кроссовкасини кийиб олган.

ИИВ, Бош прокуратура, Тошкент шаҳар ҳокимияти сайтларида давлат расмий нашрларида ушбу хабарни тасдиқлайдиган ахборотлар эълон қилинмаган. Норасмий хабарларга кўра, бундай ҳолат биринчи марта эмас.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг gazeta.uz сайтига маълум қилишича, улар бундай битта ҳолатни тасдиқлашини, қолган хабарлар ёлғон эканлигини маълум қилган. Сўнг Ички ишлар вазирлиги ходими телефонни қўйиб қўйган ҳамда бошқа кўтармаган.

SHARE