Дмитрий Азаров / Коммерсантъ

Куни кеча Россия ҳукумати мамлакат Давлат думасига Россия ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро молиявий талабларни тартибга солиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилишга оид қонун лойиҳасини киритди. “КоммерсантЪ” газетасининг ёзишича, Ўзбекистон 889 миллион долларлик қарзининг бор-йўғи 25 миллион долларини тўлайди ва СССР Олмос фондини қайта тақсимлаш бўйича даъволаридан воз кечади.

Хабарларда айтилишича, Россия томонидан Ўзбекистоннинг 90-йилларда шаклланган ҳамда шу пайтга қадар тан олинмаётган қарзидан воз кечилиши Қирғизистон жанубига газ таъминлаш масаласини ҳал қилишга ҳамда Тошкент учун янги кредит линияларини очишга туртки беради.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг қарзидан воз кечишга оид шартнома Владимир Путиннинг ўтган йили Тошкентга сафари чоғида имзоланган эди. Ўшанда 1998 йилдан бери давом этаётган музокараларга нуқта қўйилди.

Хўш, бу музокараларда нима масалалар кўтарилган эди?

Уларда асосан СССРнинг тарқалиши натижасида давлатлар ўртасида юзага келган мажбуриятлар, шунингдек, 1992-1993 йилларда Ўзбекистонга тақдим қилинган техник кредитлар хусусида сўз борди. Ўша йиллари Ўзбекистон рублдан воз кечган эди, айни пайтда республика Россиядан товар ва техникалар олишда давом этган. Аммо тўқсонинчи йилларнинг охирига келиб, Ўзбекистон парламенти ушбу қарзни тан олмайди. Россия тарафи эса қарзнинг асосий танаси 500 миллион, фоизи эса 389 миллион доллар эканини таъкидлар эди. Ўзбекистон эса ушбу қарзнинг бор-йўғи 43 миллион долларини тан олган ҳолда СССР Олмос фондининг бир қисми унга тегишли эканлигини талаб қилар эди. Ҳисоб-китобларга кўра, бу 1-2 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин эди.

Янги шартнома томонларнинг барча талаблардан воз кечишини англатади. Ўзбекистон шартнома расман кучга кирганидан сўнг бир ой давомида Россияга 25 миллион доллар тўлайди. Шартномани ратификация қилиш бўйича қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида айтилишича, битимни имзолаш икки давлат учун ҳам “жуда мураккаб компромисс” бўлди.

Газетага кўра, бундан ташқари, Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган қатор масалалар ҳам томонлардан юксак сиёсий хоҳиш намойиш этишни талаб қилар эди. Яъни Ўзбекистон Россиядан ҳарбий қурол-яроғ харид қилишга оид ваъдаси, Евроосиё иқтисодий зонаси билан эркин савдо зонасини ташкил бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш, меҳнат мигрантлари бўйича битим имзолаш ҳам икки давлатнинг ўзаро ён босишига туртки берди.

Рус матбуотининг ёзишича, қарз билан бир қаторда Қирғизистон жанубини газ билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал бўлди. Чунки 2014 йилда “Газпром” “Қирғизгаз”ни сотиб олгач, Ўзбекистон газ етказиб беришни тўхтатган эди. Чунки “Ўзтрансгаз” ва “Қирғизгаз” компаниялари ўртасидаги шартномада, агар томонлардан бирининг мулкдори ўзгарса, шартнома шартлари бекор қилиниши кўзда тутилган эди. Путиннинг ўтган йил декабрь ойидаги расмий ташрифидан сўнг ушбу масала ҳам ўз ечимини топди.

Россия Ўзбекистон қарзидан воз кечиш билан қаторда суд тортишуви хавфидан ҳам қутилиб қолди. Чунки МДҲ мамлакатлари орасида фақатгина Ўзбекистон ўз молиявий даъволарини суд орқали ҳал қилиш мақсад мувофиқлигини маълум қилган давлат ҳисобланади.