Луиза Махмудова, НИА «Туркистон-пресс»/Газета.uz

Аввал ахбар қилинганидек, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси биринчи ўринбосари Ричард Ҳоугланд Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан мулоқот олиб борди.

“Туркистон-пресс” мустақил ахборот агентлиги хабар беришича, учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга қатор масалалар муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида матбуот учун чиқиш қилган Ричард Ҳоугланд мустақиллик йилларида иқтисодий барқарорликка эришилгани Ўзбекистоннинг асосий ютуқларидан бири эканлигини қайд этди. Ўзбекистон ушбу даврда иқтисодиётда жиддий инқироздан ўзини ҳимоя қила олди. Унинг фикрича, мамлакат иқтисодиётида очиқлини таъминлаш учун имкониятлар кенг.

“Дунё глобал иқтисодиёт сари жадал интилмоқда. Бу ҳамма мамлакатлар бир хил иқтисодий тизимга эга бўлиши керак дегани эмас. Бу ушбу мамлакатлар ўз иқтисодиёти глобал иқтисодиётда иштирок этиш учун зарур сиёсатга эга бўлиш кераклигини англатади”, деди дипломат.

Ҳоугланднинг сўзларига кўра, Абдулазиз Комилов билан учрашув чоғида янги Ипак йўли концепциясини ва ушбу концепция минтақада барқарорлик ва тараққиётга қандай хизмат қилиши борасида АҚШ қарашларини муҳокама қилишган.

Учрашувда, шунингдек, Афғонистон билан боғлиқ масалалар, шу жумладан, Марказий Осиё учун таҳдидлар ҳақида ҳам сўз борган. “Мен эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш талаб қилинадиган таҳдидлар борлигини инкор этмайман. Албатта, “Ислом давлати” террористик ташкилоти масаласида эътиборлироқ бўлиш талаб қилинади”, деди у.

“Афғонистонда хавфсизлик соҳасида бўшлиқ пайдо бўлиши ҳақда фикрларга келадиган бўлсак, мен бундай хавотирни тўғри тушунаман. Аммо айни пайтда ишончим комилки, Афғонистонда хавфсизлик масаласида бўшлиқ бўлмайди. АҚШ ва бизнинг халқаро ҳамкорларимиз Афғонистонда бажарилиши керак бўлган ҳарбий ҳаракатларнинг аксарият қисмини ҳалол ва виждонан бажаришди”, деди у.

АҚШ Давлат департаменти вакили Ўзбекистоннинг Афғонистонда тикланиш жараёнига қўшаётган ҳиссаси ҳақида тўхталиб ўтди.

“Ҳайратондан Мозори Шарифга темир йўлнинг қурилиши Ўзбекистоннинг Афғонистон ривожланишидаги ҳиссаси ҳисобланади. Бу Афғонистон темир йўл тизими келажаги учун илк қадамдир. Иккинчи мисол, шак-шубҳасиз, Ўзбекистоннинг Кобулни электр энергияси билан таъминлаб келаётганидир”, деди дипломат.

SHARE