od-press.uz

Яхши қўшиқ тингловчи қалбидан узоқ вақтга жой эгаллайди. Дилига яқин бўлгани учун ҳам қулоғида қайта-қайта жаранглайверади. Газетхонлар «Лейтенант», «Кетма, вафодор», «Мен сизни, азизим» қўшиқларини жуда яхши эслайди. Ушбу тароналар ижрочиси, саҳифамизнинг бу галги меҳмони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз АБДУЛЛАЕВАни ҳам билмаган юртдоши­миз йўқ. Суҳбатимиз чоғида хонанда санъатдаги узоқ йиллик танаффуси сабаблари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

— Санъат йўлини танлаш сизнинг ҳаётингизда қандай кечган?

— Профессионал хонандаларнинг ижод йўли бир-бирига ўхшайди. Қизиқиш эса болаликдан бошланади… Лекин санъатнинг катта йўлига тушиб олгач, ундаги жараёнлар турлича кеча бошлайди. Кимдир санъатда нимага қодирлигини исботлаш учун ижод қилади, кимдир тўсиқларни енгишга интилади. Аммо доим ижод билан машғул санъаткор бунга эътибор бермайди.

Санъатга кирганимга ўттиз йилдан ошиқроқ вақт ўтган бўлса-да, ҳеч қачон ўткинчи гап-сўзларга эътибор бермаганман. Замон, қонун-қоидалар ўзгаради, ҳақиқий ижод эса яшайверади.

— Аммо бор истеъдодини намойиш эта олиш-чи, бунга ҳам бирон туртки керак.

— Кимдир истеъдодини исботлаш учун ҳаракат қилади. Шу нарса унга туртки беради. Аммо менинг феъл-атворимда бу жиҳат йўқ. Ижодга қандай кирган бўлсам, шундай давом эттиряпман. Тўғри, ўн йиллик ҳарбий хизмат сабаб, радио, телевидениеда чиқишларим камайгандир. Аммо ижоддан тўхтамаганман. Санъат шоу-бизнесга айланиб кетгандан сўнг ўзимни четга олганман. Чунки мен ҳарбий бўлганман, ҳарбий хизматнинг қонун-қоидаларига риоя қилганман.

Санъатни бир пайтлар илоҳийдан келадиган бир инъом сифатида кўришарди. Унча-мунча одам санъатнинг даргоҳига қадам босолмасди. Бугун эса… кимларнингдир даромад манбаига айланиб қолаётгандек. Ёшлигимизда биз профессионал санъаткорлар билан бир қаторда турмасдик, ҳаваскор хонандаларнинг чиқишлари алоҳида бўларди. Консерватория дипломи қўлимга тегмагунча ҳаваскор хонандалар қаторида қўшиқ айтганман.

— Қачондан ўзингизни профессионал санъаткорлар қаторида туришга ҳақли, деб ўйлай бошлагансиз?

— Санъат соҳасида ҳам ўзига хос тарзда билим берилади. Санъаткор олий таълим дип­ломини қўлига олгач, унга ўз соҳасининг профессионали деб қарала бошланади. Аммо бошқа томондан санъаткорнинг дипломи бўлса-ю, ўзи ижоддан тўхтаса, нафақат овози, балки билими, тафаккури, тасаввури ҳам хиралашади. Шу сабаб тинмай изланишда бўлиш лозим. Ўзимга келсак, санъатни танлаганимдан кейин тинмай ўрганишда бўлганман. Консерваториядаги таҳсилимни тугатгач эса чинакамига ижодга шўнғиганман.

— Ўз ёшлигингиз билан бугунги давр ёшларини таққослаганда нималарни кўрасиз?

— Бугун ёшларга шароит жуда катта. Уларга бағрикенглик билан муносабат кўрсатилади. Биз ўнта қўшиқ ёзсак, «Олтин фонд»га битта қўшиқ ё олинарди, ё олинмасди. Чунки қўшиқ яратилиш мобайнида ўнлаб чиғириқдан ўтарди. Овоз ёзиш учун радиокомитетда ойлаб навбат кутардик. Бугун овоз ёзиш студиялари жуда кўп. Интернет орқали хоҳлаган қўшиқ, мусиқани кўчириб олиб, эшитиш, таққослаш имконияти бор.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидламоқчиман. Бугун ёшлар жуда дадил. Бу — яхши. Аммо баъзи ҳолларда бу дадиллик қандайдир сурбетликка айланиб қолаётгани ҳам бор гап.

— Ёшларга берилаётган ҳадсиз имкониятлар уларни енгил-елпиликка ўргатиб қўяётгандир? Нима деб ўйлайсиз?

— Бугун ёш хонандалар енгиллашиб кетяпти. Гоҳида эса профессионал шоирларнинг ҳам хонандалар буюртмасига биноан енгилроқ шеър ёзиб бераётганини эшитиб қоламиз.

— Балки, бу устозларнинг шогирдларига қаттиққўллик қилмаётганидандир?

— Фарғона санъат билим юртида таҳсил олган вақтларимда бир устозим бўларди. Шундай қаттиққўл, талабчан эдики, айрим пайтларда машғулотлардан йиғлаб чиқиб кетардим. Аммо кимни ўзига шогирд қилиб олса, албатта, уни лауреат қилиб учирма қиларди. Ижроим яхши бўлса ҳам, менга ҳеч аъло баҳо қўймасди. Билим юртини битириш арафасида Республика вокалчилар кўрик-танловида 1-ўринни олиб, лауреат бўлганман. Шундан сўнггина «беш» қўйган. Ўшанда у: «агар олдинроқ беш баҳо қўйганимда тўхтаб қолардинг…», деган. Консерваторияда профессор, халқ артисти Саодат Қобулова жуда кўп билим берган. Устозим қаттиққўл бўлиши билан бирга жуда меҳрибон эди.

— Қўшиқларингиз, айниқса, «Лейтенант», «Кетма, вафодор» тароналарингиз билан мухлислар кўнглидан жой олгансиз. Янаги яратилажак қўшиқларингиз ҳақида нима дейсиз?

— Шундай қўшиқлар бўлади, яратилиш жараёнида уларга бутун сало­ҳия­тингни, иқтидорингни бағишлайсан, аммо ҳамма тингловчига бирдай хуш келмайди. Ўзинг кутмаган ҳолда бошқа бир қўшиғингнинг шайдоси бўлиб қолишади. Бир умр санъатда юриб, биронта қўшиғи мухлислар ёдида қолмайдиган санъаткорлар бор.

Бугун эса яна бор кучимни ижодга сарфлай бошладим. Ҳозирда янги қўшиқлар устида ишлаяпман.

— Қўшиқларга шеърларни ўзингиз танлайсизми?

— Аслида ўзим ҳам ёшлигимдан баъзан шеър машқ қилганман. Аммо ўша пайтларда қўшиқ кенгашда жуда қаттиқ чиғириқдан ўтгани учун профессионал шоирлар шеър­ларидан фойдаланганман. Бир сафар «Мен сизни соғинаман, йўллар қарайман», деган шеър ёзганман. Шоир Қадам Саидмуродга кўрсатганимда, «ўзим сенга бошқа шеър ёзиб бераман» деб, шеъримнинг мисраларидан фойдаланиб, шеър ёзиб берган. «Кетма, вафодор» қўшиғим Муҳайё Мирсаидова шеъри, Анор Назаров мусиқаси билан дунё юзини кўрган. Баъзи қўшиқларимга куй басталар эдим. Аммо профессионал бас­такор эмаслигим боис ўзимнинг куйим, деб айта олмасдим. Ҳозирда қўшиқларимнинг аксариятига ўзим шеър ёзяпман.

— Сиздан кейин санъати­нгизни давом эттиришни истовчилар оилангизда борми?

— Бир қизим бор. Унга санъаткор бўл, деб туртки ҳам бермадим, қаршилик ҳам қилмадим. Чунки ҳозир санъат жуда кенгайиб кетган. Қизим Кореянинг Инха университетининг Тошкент филиалида таҳсил олади. Аммо ўзи нафақат ўзбек, жаҳон эстрадасидан ҳам жуда яхши хабардор, овозиям ширали. «Лов-лов ёнаман» қўшиғимга олинган клипда роль ижро этган.

— Нимани бугун айтиш жуда зарур, деб ҳисоблайсиз?

— Аёлларимиз ўз қадрига етишини хоҳлардим. Биз ўзбек аёллари кўпинча ўзимизни эсдан чиқариб қўямиз. Болам, эрим, рўзғорим деб… Азиз опаларим, сингилларим, қизларим, ўзингизни асранг, барчага кечиримли бўлинг. Одам кечиримли ва кенгкўнгилли бўлса, барча қийинчиликларни енгади.

Гўзал СОЛИЕВА суҳбатлашди.

“Оила даврасида” газетаси