Япония Бош вазири Синзо Абэ шу йилнинг октябрь ойида Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюради. Бу ҳақида Japan Times нашри ҳукумат вакилларига таяниб хабар тарқатди.

Япониялик расмийларнинг айтишича, табиий ресурсларга бой ушбу минтақага сафар Хитойнинг минтақадаги таъсири кучайиб бораётган шароитда Россия билан муносабатларни яхшилашда муҳимдир. Агар Япония Марказий Осиё минтақасида Хитой билан рақобат қиладиган бўлса, Россия буни қўллаб-қувватлаши мумкин. Натижада Японияда Россияга қарши яна бир дипломатик карта пайдо бўлади.

Ушбу турне Япония ҳукуматининг собиқ раҳбари Коидзумининг 2006 йилги Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафаридан сўнг илк энг олий даражадаги ташриф ҳисобланади.

Абэ октябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга ташриф буюради.

Япония ҳукумати Қозоғистонга ядро реакторлари технологиялари ва жиҳозларини экспорт қилишни мўлжаллаётган бўлса, Ўзбекистонда мамлакат коммуникация тизимини ривожлантиришга кўмаклашиш муҳокама қилинади.

Япония ҳукумати раҳбарининг Марказий Осиёга сафари 2015 йилнинг август ойига мўлжалланаётган эди, аммо парламент фаолияти сентябрь ойига қадар узайтирилгани боис ташриф вақтини ўзгартиришга тўғри келди.