© AFP 2015/ Paul J. Richards

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 27 июль куни Оқсаройда АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони Ллойд Остинни қабул қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентилиги хабар тарқатди.

Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ўзаро манфаатларга асосланган муносабатлар амалий хусусиятга эга эканини таъкидлади.

Турли даража ва йўналишлардаги доимий мулоқотлар Ўзбекистон ва АҚШга кўпқиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш имкониятини бераётгани қайд этилди.

Учрашувда айрим халқаро муаммолар, жумладан, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш жараёнлари хусусида фикр алмашилди.

Ллойд Остин Президент Ислом Каримовга самимий қабул ва Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама этиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдирди.

“Спутник” интернет нашрининг ёзишича, америкалик ҳарбийнинг ташрифи доирасида Ўзбекистон Қуролли кучлари учун ҳарбий техника воситаларини етказиб бериш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Америка Мудофаа вазирлиги юқори мартабали вакили 2013, 2014 йилларда ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрган.

SHARE