Ўзбекистон парламенти қабул қилган ҳамда Президент томонидан имзоланган ва матбуотда эълон қилинган янги қонунга кўра, мамлакатда озодликни чеклаш тариқасидаги жазо тури жорий қилинмоқда. Унга кўра, озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат.

Озодликни чеклаш олти ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади. Озодликни чеклаш, уни маҳкумнинг яшаш жойида ўташ шартлари содир этилган қилмишнинг хусусияти ва суд чиқарган қарорни ижро ­этишдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади.

Қўлланилаётган тақиқнинг (чеклашнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, суд маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқларни (чеклашларни) юклаши мумкин:

муайян жойларга бормаслик;

оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;

муайян фаолият билан шуғулланмаслик;

муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик;

транспорт воситасини бошқармаслик;

маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;

муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;

алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик;

алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.

Суд озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахснинг зиммасига ўзи етказган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш, ишга ёки ўқишга жойлашиш мажбуриятларини, шунингдек унинг тузалишига кўмаклашувчи бошқа мажбуриятларни юклаши мумкин.

Агар озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.

Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкин. Жазони ўташдан бўйин товлаш вақти ўталган жазо муддатига қўшиб ҳисобланмайди.

Озодликни чеклаш ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

Шуни қайд этиш керакки, бугунги кунда мамлакатда эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғи институтидан фойдаланилмоқда.

Сенаторларнинг айтишича, мамлакат жиноят қонунчилигига киритилган озодликни чеклаш тариқасидаги жазо тури билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолган, ўз ноқонуний хатти-ҳаракатларидан қаттиқ пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга нисбатан беқиёс имкониятдир. Энг муҳими, мазкур жазо тури инсонпарварлик тамойилига тўла мос бўлиб, катта тарбиявий аҳамиятга ҳам эгадир.

SHARE