Ўзбекистонда жорий қилинган янги тартибга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилади.

Юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги ҳисобга олинмайди.

Бунда транспорт воситасига эгасига ўзининг айбсизлигини исботлаш имкони берилмоқда. Яъни агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида тегишли транспорт воситасига ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёхуд мазкур транспорт воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида транспорт воситаси мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, транспорт воситасининг мулкдори ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминлаш ва жамоат тартибини сақлашнинг компьютерлашган бошқарув тизимини жорий этиш лойиҳаси татбиқ этилмоқда. Яратилаётган тизимнинг асосий вазифаларидан бири тирбанд ва серқатнов туташган кўчаларда йўл ҳаракати устидан назоратни амалга ошириш ҳамда йўл ҳаракати соҳасидаги турли ҳуқуқбузарликларни автоматик қайд этиш ҳисобланади.

SHARE