“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ, агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилиши мумкин.

Амалдаги қонун нормаларига кўра, қуйидаги ҳолатларда фуқаролик йўқотилади:

1) шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирганлиги натижасида;
2) агар чет элда доимий яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;
3) агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида олинган бўлса.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони чиққан кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилади.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг фикрича, янги қўшимча Ўзбекистон Республикасига қарши йўналтирилган оғир ва ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш ҳамда хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши қилмишлар орқали жамият ва давлатнинг манфаатларига жиддий зарар етказган шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига ўз вақтида таъсир чораларини кўриш имкониятини беради.

SHARE