Брюс Паньер

Тожикистон Роғун ГЭС қурилиши лойиҳасини ташқи молиявий кўмаксиз амалга ошира олмайди. Бу ҳақида Марказий Осиё бўйича америкалик эксперт Брюс Паньер “Trend” ахборот агентлигига маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистонда Роғун ГЭСини мустақил қуриш учун маблағ йўқ. Экспертнинг фикрича, 2009 йилда Тожикистон ҳукумати томонидан Роғун ГЭС акцияларини фуқароларга сотиш бўйича кампания эълон қилинган эди. Ўшанда акцияни мажбурлаб пуллаш ҳолатлари ҳам учраган. Лекин ҳукумат бор-йўғи 200 миллион доллар атрофида йиғишга муваффақ бўлган эди. Ваҳоланки, Роғун ГЭСини қуриш учун 2-5 миллиард доллар атрофида маблағ керак бўлиши қайд этилмоқда.

Брюс Паньер Ўзбекистон ушбу лойиҳага қаршилик билдириб келаётганини ҳам айтиб ўтган. Биринчидан, сейсмик фаол ҳудудда бундай баланд тўғоннинг қурилиши анча хавфлидир. “Агар тўғон ёрилиб кетадиган бўлса, оқимдан қуйида жойлашган ҳудудлар, хусусан, Ўзбекистоннинг шарқий минтақалари сув остида қолади”, деди у.

Қолаверса, Роғун ГЭСининг тўлдириши натижасида Амударё кам сув келиб тушади ва қишлоқ хўжалиги учун салбий таъсир кўрсатади.

Агентликнинг ёзишича, Роғун ГЭСи лойиҳаси 1976 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, СССР қулагач, тўхтаб қолади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов Ўзбекистон Роғун ГЭСини ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган эди.

SHARE