АҚШнинг Айдаҳо штатидаги федераль судья асли ўзбекистонлик бўлган Фазлиддин Қурбоновни терроризмга оид жиноятда айбдор, деб топди. У терроризм билан боғлиқ бўлган 5 та жиноятнинг учта банди бўйича айбдор, деб топилган. Қолган иккита банд бўйича айби прокуратура органлари томонидан исботлаб берилмагани учун қаноатлантирилмаган.

Америка оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Фазлиддин Қурбонов “Ўзбекистон исломий ҳаракати” террорчилик ташкилотини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида тил бириктириш ҳамда Америка заминида террор ҳужумини уюштириш учун бомба тайёрлаш бўйича материалларни харид қилишга уринган.

Хабарда айтилишича, Фазлиддин Қурбонов “Ўзбекистон исломий ҳаракати” террорчилик ташкилоти веб-сайтини юритадиган шахслар билан мулоқотга чиққан. Ушбу ташкилот АҚШда террористик ташкилотлар рўйхатига киритилган.

33 яшар Қурбонов веб-сайт маъмурларига бомба яратиш ва АҚШда террор актни амалга оширишни ният қилганини айтган. Қурбонов 2013 йил май ойида ҳибсга олинган эди.

SHARE