“Ўзнефтьмаҳсулот” акциядорлик компанияси фуқароларни бензин тақчиллиги бўйича хавотир олмасликка чақирди. Компания сайтида маълум қилинишича, айни кунларда республиканинг айрим ҳудудларидаги, шунингдек, пойтахтдаги баъзи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШларда) автобензинга навбатлар кузатилмоқда.

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси бу ҳолат “автобензиннинг нархи ошар экан”, деган шов-шув хабарнинг тарқалгани сабабли юзага келганини айтиб ўтди. Компаниянинг таъкидлашича, яқин келажакда автобензин нархининг оширилиши кутилмаяпти.

Айрим шов-шув ишқибозлари томонидан аҳоли орасида “байрам арафасида АЁҚШларда автобензин бўлмас экан”, деган шов-шув гаплар хусусида “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси шуни ишонтириб баён қиладики, байрам арафасида ва ундан кейин ҳам ёнилғи ишлаб чиқаришни мумкин қадар кўпайтириш ҳисобидан АЁҚШларга нафақат режалаштирилган миқдорда, балки унга қўшимча миқдорда ҳам автобензин етказиб бериш мўлжаллаётганини маълум қилди.

Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу шов-шувларга учган автомобиль эгалари автобензинни керагидан ортиқда харид қилиб, ғамлаб олишга ҳаракат қилишмоқда. Хусусан, айрим айрим автомобиль эгалари ўз уйлари ёки гаражларида автобензинни захира қилиб қўйишга киришишган. Бундан ташқари, чайқовчилик мақсадида АЁҚШларда автобензинни автомобиль бакини лиқ тўлдириб олиб, яқин-атрофда канистраларга бўшатиш ва яна автобензин олишга қайтиш ҳолатлари кўпайиб қолди. Ўрни келганда шуни алоҳида қайд этиш керакки, хавфли ёнилғи маҳсулотларининг махсус мослаштирилмаган жойларда сақланиши жуда кўнгилсиз воқеаларга олиб келиши мумкин.

Статистик маълумотлардан кўриниб турганидек бунга автомобиллар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги ҳам муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқдаки, мазкур ҳолат, ўз навбатида, абтобензин истеъмолининг борган сайин ортиб боришига олиб келмоқда, шубҳасиз.

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси мазкур вазиятни барқарорлаштириш учун нефтни қайта ишлаш заводларида автобензин ишлаб чиқариш миқдорини мумкин қадар кўпайтириш, шу жумладан четдан қўшимча миқдорда углеводород хом ашёсини келтириш ва истеъмолчиларни автобензин билан тегишли миқдорда таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўрмоқда.

Компания аҳолидан турли шов-шувларга ишонмасликни ва хавотирга берилмасликни сўраган.

SHARE