Яна бир неча кундан сўнг Самарқанддаги улуғвор Регистон майдонида «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали бу йил ўнинчи бор ўтказилади.

“Зарафшон” газетасининг ёзишича, бу галги фестивалда дунёнинг олтмишдан ортиқ мамлакатидан санъаткорлар, мусиқашунос олимлар қатнашиш истагини билдирган. Бир қатор халқаро ташкилотлар, давлатлардан ҳам расмий меҳмонлар келиши кутилмоқда.

Асосий тадбирлар ўтказиладиган Регистон майдони давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таъмирланиб, ободонлаштирилгач, бу ерда амфитеатр ташкил этиш учун ҳар томонлама қулай шароит ва имкониятлар яратилди. Мажмуанинг кириш қисми ва унинг атрофи, Шердор, Тиллакори, Улуғбек мадрасалари олдидаги улкан майдон бутунлай ўзгача кўриниш олди.

Ҳозир майдон ўртасида аввалгилардан 25 фоиз кенг саҳна ўрнатилган ва бу ерда фестивалнинг тантанали очилиш маросимига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Саҳнагача бўлган 24 зинадан иборат супаларда томошабинлар учун ўриндиқлар ўрнатилади. Мажмуанинг уч мадрасасига туташиб кетган саҳна амфитеатрнинг барча тарафидан яққол кўзга ташланади. Бу йилги фестиваль олдидан Регистон мажмуаси ва амфитеатрни ёритиш тизими ҳам энг сўнгги русумдаги технологиялар асосида бутунлай янгидан яратилмоқда.

Германиянинг «Adhoc» компанияси ва «Тошшаҳарнур» корхонаси мутахассислари томонидан асосий юмушлар бажарилиб, замонавий ёритиш воситалари ўрнатилмоқда. Мазкур янги тизим асосидаги ёритиш жараёни ва ранглар шоуси иккита катта мониторда 3D форматда намойиш этилади.

Бундан ташқари, мажмуадаги Шердор, Тиллакори ва Улуғбек мадрасаларида ҳам реставрация ишлари амалга оширилди. Фестиваль кунлари бу масканларда миллий мусиқа асбоблари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, тарихий либослар кўргазмалари ташкил этиш, иштирокчилар билан ижодий учрашув ва мулоқотлар ўтказиш эътиборга олиниб, зарур жиҳоз ва техник воситалар келтирилди.

Вилоят бўйича ўттиздан ортиқ жойда ижодий учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган. Самарқанд шаҳрида 15 га яқин истироҳат боғи, хиёбон ва амфитеатрлар, маҳаллалар маркази, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ва йирик корхоналарда меҳмонлар иштирокида тадбирлар ўтказилади.

SHARE