“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг яқинда йўловчилар вазнини тортиб кўриш ҳақидаги хабари кенг жамоатчиликда қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Ҳатто дунёнинг энг машҳур газета ва сайтларида ҳам ушбу ахборот кенг ёритилди. Миллий авиакомпания бош директори Валерий Тян Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу масала юзасидан фикр билдириб ўтди.

Газета.uz сайтининг компания директорига таяниб ёзишича, йўловчилар вазни ўлчанаётганини сезишмайди. “Биз сиз билан А нуқтадан В нуқтага учамиз. Мен учувчи сифатида учиш арафасида ҳисоб-китобни тўғри олишим учун оддий маълумотлар керак бўлади: самолёт ёнилғи билан қанча вазнга эга ва тижорий юк қанча? Биз шунчаки самолётдан фойдаланиш хавфсизлиги ва ишончлилиги ҳақида гапиряпмиз”, — деди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси раҳбари.

“Йўловчини рўйхатга олиш пайтида сизни тасмага оёқ қўйишни сўрашади. Бу ҳатто тарозида вазн ўлчаш эмас. Сиз ҳатто вазнингиз ўлчанаётганини билмайсиз ҳам”, деб алоҳида қайд этди Валерий Тян. Бунда йўловчи ҳеч қандай зарар кўрмайди ва ўзини ноқулай ҳис қилмайди.

Бунда авиакомпания ортиқча вазн учун қўшимча ҳақ олишни мақсад қилмаган.