“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси йил охирига қадар авиачипталарни онлайн брон қилиш ва сотиш тизимини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида компания вакилига таяниб “Подробно” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

“Бизда компания фаолиятига электрон тижоратни жорий қилиш бўйича махсус дастур мавжуд. Йил охирига қадар чипталарни онлайн брон қилиш ва сотишни йўлга қўйиш тараддудидамиз. Сиз компаниянинг сайти орқали тегишли йўналишни танлаб оласиз ва шу заҳотиёқ чиптани харид қилишингиз мумкин”, деб қайд этди компания вакили.

Компания вакилига кўра, ҳозирча фақатгина Visa ва MasterCard халқаро тўлов тизимидан фойдаланиш мумкин бўлади. Чипталарни миллий валютада пуллашнинг бир қатор қийинчиликлари бор. Улар тегишли молиявий тузилмалар вакиллари билан ҳал қилинмоқда. Йўловчилар интернет орқали тизимдан фойдаланиб, самолёт бортида ўзларига маъқул бўлган жойни танлаши мумкин.

“Иккинчи босқичда эса Тошкент халқаро аэропортида онлайн рўйхатга олиш жорий қилинади. Аэропорт ҳудудида бир қатор йўналишлар бўйича мустақил рўйхатдан ўтиш нуқталари ташкил қилинади. Йўловчилар ўз маълумотларини киритиб, паспортларини сканер орқали ўтказишади ва рейсга рўйхатдан ўтишади. Фақатгина юкини топшириш ва аэропортда бажариладиган бошқа тартибларни амалга ошириш талаб қилинади”, деди компания вакили.