Абдурасул Жўрабоев террористларга ёрдам бермоқчи бўлганини тан олди

Ўзбекистон фуқароси АҚШ судида “Ислом давлати” террористик ташкилотини қўллаб-қувватлаш ва Барак Обамага суиқасд уюштиришни режалаштирганини тан олган.

АҚШ адлия вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Бруклинда яшоовчи 25 яшар ўзбекистонлик Абдурасул Жўрабоев хорижий террористик ташкилотни моддий қўллаб-қувватлаганини тан олган. Прокуратура вакилларига кўра, “Ислом давлати”га хайрихоҳлик билдириши билан бирга, АҚШ президентига суиқасд уюштиришни ҳам режалаштирган. Агар “Ислом давлати” террористик ташкилотига қўшилишнинг иложи бўлмаса, АҚШ ҳудудида террористик акти уюштиришни ваъда қилган.

Вазирликнинг маълум қилишича, Жўрабоев 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида АҚШнинг Нью-Йорк штати Бруклин шаҳрида 3 нафар киши “Ислом давлати” террористик ташкилотига ёрдам берганлик айби билан қўлга олинган. АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълум қилишича, улардан бири агар жангарилар (“Ислом давлати” жангарилари) ундан сўрашса, Обамани ўлдиришни таклиф қилган.

Федерал прокурорлар маълумотларига кўра, уларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқаролари Абдурасул Жўрабоев (24 яшар) ва Аброр Ҳабибов (30 яшар), бир нафари Қозоғистон фуқароси Аҳрор Саидаҳметовдир.

Жўрабоев ва Саидаҳметов Туркияга сафар қилишни, у ердан Сурияга жиҳодга отланмоқчи бўлишган. Ҳабибов эса уларнинг режаси учун ҳақ тўлаган. Саидаҳметов Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди халқаро аэропортидадан Туркияга самолётга чиққанида қўлга олинган. Учала шахс ўша куниёқ қўлга олинган. Уларга ўзаро тил бириктириш ва терроризмни молиялаштириш айби қўйилмоқда. Агар уларнинг айби исботланадиган бўлса, уларнинг ҳар бири камида 15 йилга озодликдан маҳрум қилинади.