АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвал хонимнинг пайшанба куни Марказий Осиё мамлакатлари журналистилари билан радиомулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақида журналист Шарофиддин Тўлаганов Sharh.uz сайтида маълум қилди.

Унинг ёзишича, умумий хисобда Остона, Олма-Ота, Бишкек, Душанбе ва тошкентлик 15 нафар журналист мазкур мулоқотда иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Туркманистон журналистлари номидан “Озодлик” радиосининг журналисти савол берди. Айрим журналистларнинг фикрича, оддий саволарга дипломатларга хос жавоб олинди.

Журналистилар асосан минтақа хавфсизлиги, Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий хамкорлиги билан боғлиқ саволларни беришди.

Бу саволларга жавоб берган Ниша Десаи Бисвал АҚШ минтақа давлатлари суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини, иқтисодий ҳамкорлик масалалари ривожида ҳар томонлама ёрдам беришини айтди.

АҚШ минтақа мамлакатлари билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик қилаётганини эслатиб ўтди. Дипломатнинг фикрича, минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада кенгроқ бўлиши лозим. Терроризм, экстремизмга қарши курашда АҚШ Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилаётганини, бу борада уларни қўллаб-қувватлашини, минтақа давлатлари чегаралари мустаҳкамланиши йўлида АҚШ кўмак кўрсатаётганини билдирди.

Журналистлардан бири ғарбнинг Россияга санкциялари минтақа давлатларига таъсир кўрсатаётганини, “санкциялар бекор қилиниши учун Москва нима қилиши керак?” деган саволни берди. Ниша Десаи Бисвал бу саволга жавоб берар экан Минск битими ҳаётга татбиқ қилиниши ва Украинада харбий харакатлар тўхтатилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Қирғизистон ва АҚШ ўртасидаги сўнгги воқеаларга тўхталиб ўтган АҚШ дипломати ўзаро ҳамкорлик шартномасининг бекор қилиниши Қирғизистонга кўрсатилаётган ёрдам дастурларини таҳдид остига қўйиши мумкинлигини эслатиб ўтди. Мазкур дастур асосида Қирғизистонга экстремизмга қарши кураш, иқтисодни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, маориф соҳасини такомиллаштириш, демократик тараққиёт соҳаларига катта миқдорда молиявий кўмак бериб келинган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси мукофотини бериш қарорига жавобан Қирғизистон ҳукуматининг Бишкек билан Вашингтон ўртасида 22 йил аввал имзоланган ҳукуматлараро ҳамкорлик келишувни бир томонлама бекор қилган эди. Қўшма Штатлар Бишкекнинг 1993 йилги шартномани бекор қилиши Қирғизистонда маориф, иқтисод, хавфсизлик ва демократияни ривожлантириш каби бир қатор соҳаларга қаттиқ зарба бериши ва бундан фақат Қирғизистон халқига жабр бўлиши таъкидланади.

SHARE