Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Қобилхон Накибовнинг айтишича, Президент Ислом Каримовнинг мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид қарорида мамлакатдаги тинч-осойишта ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлашга алоҳида урғу берилган. Турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ ва сергак бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш – бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифамиз эканига алоҳида аҳамият қаратилган.

Полковник Қобилхон Накибовнинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, шундан келиб чиқиб, ички ишлар идоралари тизимида байрам кунлари тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тасдиқланган режа асосида изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бунда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Мамлакатнинг ҳар бир гўшаси, айниқса, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар соҳа ходимларининг алоҳида эътиборида. Нохуш ҳолатларнинг юзага келишига йўл қўймаслик, хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус рейдлар ўтказилаётир. Бу жараёнда маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маҳалла посбонлари фаол иштирок этмоқда. Тадбирлар давомида аниқланаётган камчиликлар, ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилаётир.

Байрам олдидан барча туман, шаҳар, маҳалла ва овулларда ички ишлар органлари ходимлари ва маҳалла посбонларидан иборат гуруҳлар ташкил этилди. Улар аҳоли тинчлигини сақлашга оид зарур чораларни кўриш билан бирга жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жиноят содир этишга мойил шахсларни аниқлаш ва уларга жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда профилактик таъсир кўрсатишга оид вазифаларни ҳам самарали адо этмоқда. Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда учрашувлар ўтказилмоқда.

Профилактика инспекторларининг ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга оид фаолияти янада кучайтирилди. Ушбу хизмат нафақат жиноятчиликка қарши курашиш, балки ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби вазифаларни самарали адо этмоқда. Улар маҳалла фаоллари билан яқин ҳамкорликда фуқароларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, вояга етмаганлар, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка, спортга кенг жалб этиш ишларини изчил йўлга қўймоқда. Бу маҳаллалар муҳитининг тобора соғломлашишига хизмат қилаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимиздаги тўрт мингга яқин маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани бунинг тасдиғидир.

Тегишли идоралар билан ҳамкорликда байрам тадбирлари ўтказиладиган барча майдонлар ва уларнинг атрофидаги иншоот ва ташкилотлар, хонадонлар кўрикдан ўтказилди. Бундан ташқари, бир миллиондан ортиқ тураржойларнинг ёнғинга қарши ҳолати ўрганилди. Натижада ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган мансабдор шахс ва фуқароларга тегишли равишда жарима қўлланилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

SHARE