Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен Ўзбекистон мустақиллиги айёми билан мамлакат аҳолисини табриклаб, халқимизга мустаҳкам соғлиқ, тинчлик ва тараққиётни тилади.

Бу ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлиги маълум қилди. Элчининг маълум қилишича, АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини тан олган илк мамлакатлардан бири ҳисобланади. 1991 йилдан бери икки мамлакат муносабатлари доимий мулоқот ва ҳамкорлик асосида ривожланиб борди. Ўтган йили ўтказилган Ўзбекистон — Америка маслаҳатлашувлари истиқболдаги ҳамкорлик учун янги имконият эшикларини очди.

Дипломатнинг айтишича, Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳамкорликнинг кенг жиҳатларини қамраб олган. Икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш барча масалаларда барқарор, очиқ ва амалий мулоқотни талаб қилади.

Ўтган йили Ўзбекистонга АҚШнинг юқори мартабали вакиллари ташрифи ҳам ўзаро муносабатларни ривожлантиришда айни муддао бўлди. Хусусан, АҚШ савдо вазирининг глобал бозорлар бўйича ўринбосари Арун Кумар, АҚШ Қуролли кучлари бирлашган қўмондонлиги бош қўмондони Ллойд Остин, АҚШ Давлат котиби ўринбосари Ниша Бисвал шулар жумласидандир.

“Ўзбекистон Қўшма Штатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашни давом эттиришга тайёрлигини намоён этди. Биз республика демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини шакллантириш масалалари бўйича амалий мулоқотни қўллаб-қувватлаганидан мамнунмиз”, деди Памела Спратлен.

Элчининг қайд этишича, АҚШ Ўзбекистон билан инфратузилма ҳамда минтақада барқарорлик ва тараққиёт қарор топиши учун барча йўналишларда иқтисодий муносабатларни ривожлантириш масалаларида ишларини давом эттиради.

Дипломатнинг айтишича, ўзининг Ўзбекистондаги қисқа муддатли фаолияти мобайнида у Самарқанд, Бухоро, Хива сингари дунёга машҳур шаҳарларга ташриф бахтига муяссар бўлган. “Нукусга ташриф буюриб, мен бетакрор санъат асарини ўз кўзим билан кўрдим. Имоним комилки, мен ҳали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси хусусида жуда кўп нарсани ўрганишим керак бўлади”, деди у.

Элчининг сўзининг хотимасида “Mustaqillik bayramingiz bilan!” дея ўзбекистонликларни байрам билан бир қутлади.