Ўзбекистонга Япониянинг йирик туристик компаниялари делегацияси ташриф буюрди. Бу ҳақида “Ўзбектуризм” миллий компанияси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Кунчиқар мамлакат делегацияси Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ривожлантириш юзасидан ўз таклифларини билдириб ўтди. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон маданий-тарихий ва сайёҳлик объектлари ва йўналишларида валюта терминалларини ўрнатиш, виза режимини соддалаштириш, турли ахборот идоралари ва сайтлари орқали япон туристларини жалб қилишда маркетинг ёндашувларини жорий этиш бўйича иш олиб бориши керак.

Қолаверса, сайёҳларнинг мамлакат ичида ҳаракатланишида хизмат кўрсатиш сифатини кўтариш, меҳмонхона ва умумий овқатланиш жойларида хизмат кўрсатувчи персоналларнинг малакасини ошириш талаб этилади.

Ташриф доирасида “Ўзбектуризм” миллий компанияси ҳамда Япония туристик агентликлари ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолашга келишиб олинган.