Луиза Маҳмудова / «Туркистон-пресс» НАА

Украина билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси 2015 йилнинг январь-июнь ойларида 125,67 миллион долларни ташкил қилди. “Туркистон-пресс” ахборот агентлигининг хабар беришича, бу ҳақида Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Юрий Савченко 20 август куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

Хабарда айтилишича, биринчи ярим йилликда Украинанинг Ўзбекистонга экспорти ҳажми тахминан 40 фоиз, яъни 75,36 миллион долларгача қисқарди.

“Донбассда рўй бераётган воқеалар мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмасига салбий таъсир кўрсатмоқда, — дея таъкидлади Юрий Савченко. — 70 фоизга камайишнинг сабаби Донбассдан темир арматура, Ўзбекистон тоғ-кон ва нефть саноати учун асбоб-ускуналар келмаётгани билан боғлиқдир».

Gazeta.uz сайтининг ёзишича, Украина тарафининг маълумотларига кўра, 2014 йилда Ўзбекистон Украина билан савдо-сотиқ қилувчи барча мамлакатлар ўртасида 42-ўринни, МДҲ мамлакатлари ўртасида эса 7-ўринни эгаллади.

Украина бизнеси нафақат Ўзбекистонга товар етказиб беришни кўпайтиришга, қолаверса, республикада қўшма корхоналар ташкил қилишга кўпроқ қизиқмоқда, дея таъкидлади дипломат.

Унинг билдиришича, икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ миқдорини оширишга Украина товарларига нисбатан жорий қилинган янги йиғим тўсқинлик қилмоқда.

«Ушбу масалалар ушбу импорт йиғимини жорий қилиш бўйича яқинда ўтказиладиган маслаҳатлашув вақтида ҳал этилишига умид қиляпмиз», — деди Юрий Савченко.

Бундан ташқари, у Ўзбекистон билан Украина ўртасида бевосита самолётлар қатновини тиклаш борасида иш олиб бораётганини хабар қилди.

Қайд этиш лозимки, биринчи ярим йилликда Украина Ўзбекистондан 31 млн доллардан ошиқроқ миқдорда товар импорт қилди ва бу кўрсаткич олдинги йил билан солиштирганда 7-12 фоиз пастдир.