UzA

Ўзбекистонда савдо-сотиқ қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилди.

Шу йилнинг 21 август куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда ушбу масалага ойдинлик киритилган.

Унга кўра, Жиноят кодексининг 189-моддасидан анча ва катта миқдорда (11,8 млн. сўмдан 59,2 млн. сўмгача) савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик ҳақидаги норма чиқариб ташланди. Энди ушбу ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддасида белгиланди.

Шундай қилиб, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларининг бузилишига йўл қўйган шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 10-50 баробари, мансабдор шахсларга эга 40-80 баробари миқдорида жарима солинади.

Сенатор Т. Мадумуровнинг 12news.uz сайтига маълум қилишича, ушбу жиноят, жиноий жавобгарлик ва олинган ноқонуний фойдадан солиқлар суммасини ундариш билан бир қаторда Солиқ кодексининг 119-моддасига мувофиқ молиявий санкцияларга асос бўлади, бу судланган шахслар сони, тергов-суд органлари юкламасини ошириб юборарди.