ЎзА

Ўзбекистонда 22 август куни юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоезди Тошкент – Қарши йўналишида илк қатновни амалга оширди. Бу ҳақди “Ўзбекистон темир йўллари”компанияси расмий сайти хабар тарқатди.

Бундан тўрт йил аввал мамлакат пойтахти билан Самарқанд шаҳри ўртасида Испаниянинг “PATENTES TALGO S.L.” компаниясида ишлаб чиқарилган, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоезди қатновининг йўлга қўйилганди.

Икки локомотив, саккиз йўловчи вагони ва вагон-ресторандан иборат ушбу замонавий поезд ўтган даврда халқимиз ва юртимиз меҳмонларининг энг қулай ҳамда ишончли транспорт воситасига айланди. Буни қатнов йўлга қўйилгандан бери мазкур поездда 600 мингдан зиёд йўловчи манзилига етказилганида ҳам кўриш мумкин.

“Afrosiyob” электропоездининг Тошкент-Самарқанд-Қарши йўналишида доимий ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида 140,8 километрлик Мароқанд-Қарши участкаси тўлиқ электрлаштирилди. 11 станцияда 9 километр пўлат излар реабилитация қилинди, 2100 куб/метрдан ортиқ тупроқ ишлари бажарилди.

Поездларнинг ишончли ҳаракатланиши, алоқа тизимларининг нуқсонсиз ишлашини таъминлаш мақсадида замонавий автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви, электр энергия сарфини автоматик ҳисоб-китоб қилиш тизими йўлга қўйилди. Участканинг барча кесишмалари радиоалоқа ва телефон алоқаси билан жиҳозланди, йўлларнинг икки томонига темир панжаралар ўрнатилди.

Шу кунгача йўловчи поездлари Тошкентдан Қаршигача бўлган 511 километр масофага қарийб олти соатда етиб борган бўлса, “Afrosiyob” электропоезди ушбу йўлни уч соатда босиб ўтади.