Тошкент вилоятида шу йилнинг 24 август куни кечқурун магистраль газ қувурида портлаш юз берди. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, “Янгиер — Тошкент” газ қувури магистралининг 157-километрдаги участкасида, Юқори Чирчиқ туманидаги “Авесто” фермер хўжалиги ҳудудида газ қувури портлаган ва кучли ёнғин ҳосил бўлган. Хабарда айтилишича, бу ҳолат Тошкент шаҳрини газ билан таъминлашга таъсир кўрсатмайди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида маълум қилинишича, қурбонлар ва жабрланганлар йўқ. Тезкор чора-тадбирлар натижасида маҳаллий вақт билан соат 23.40да ёнғин ўчирилган. Воқеа жойида “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, ФВВ, ИИВ ва бошқа манфаатдор вазирликлар вакилларидан иборат таркибда штаб тузилган. Ҳозирда шикастланган участкани тиклаш ишлари якунланмоқда.