US Embassy in Tashkent

Қорақалпоғистондаги Игорь Савицкий номидаги давлат санъат музейи жамоаси собиқ директор Мариника Бабаназарованинг ишдан бўшатилганига норозилик билдирди. Норозилик хати музей сайти ва унинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинган.

Газета.uz сайтининг маълум қилишича, музей жамоаси “Музей асосчиси таваллудининг 100 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари арафасида директоримизнинг ишдан ноқонуний бўшатилганига жамоатчилик эътиборини жалб қилмоқчимиз. Жамоа рўй бераётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан келиша олмайди”, дея қайд этишган.

“Савицкий номидаги музей жамоаси хориж матбуотида эълон қилинган туҳмат хатдан қаттиқ ғазабланган. Унда келтирилган далиллар ҳақиқатга тўғри келмайди”, — дея таъкидланади жамоанинг Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов номига ёзган хатида.

Шуни қайд этиш керакки, Мариника Бабаназарова ушбу музей директори сифатида 1984 йилдан буён ишлаб келган. У Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси ҳамдир.

Музей 2011 йилда Ўзбекистондаги энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган музейлардан бири сифатида “Сайёҳлар эътиборини қозонган музей” мукофоти билан тақдирланганди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўзининг Facebook’даги саҳифасида музей Ўзбекистон ва минтақадаги муҳим санъат муассасаларидан бири эканлигини қайд этиб, музейнинг 100 йиллиги нишонланаётган айни кунларда Мариника Бабаназарованинг фаолияти эътироф этилишига умид билдирган.

SHARE