Суйима Ғаниева

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўз фармони билан Тошкент давлат шарқшунослик институтининг «Мумтоз филология» кафедраси профессори Суйима Ғаниевага “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ҳамда олий нишон – «Олтин юлдуз» медали билан тақдирлади.

Шунингдек, “Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш борасида давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳалардаги кўп йиллик фидокорона меҳнати ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси” учун “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси бош директори Қувондиқ Санақулов, “Нуроний” жамғармасининг Андижон вилояти бўлими раиси Таваккал Топволдиев ҳамда Каттақўрғон туманидаги «Ҳосил» фермер хўжалиги бошлиғи Аваз Ҳосилов ҳам мазкур олий мукофотлар билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июль ойида Алишер Навоий номидаги кино саройида атоқли навоийшунос олима, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳибаси Суйима Ғаниеванинг ибратли ҳаёт йўли, илмий ва жамоатчилик фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Йўл” ҳужжатли фильми суратга олинган эди.

Адабиётшунос олима, профессор Суйима Ғаниева 1932 йилда туғилган. Ўрта Осиё давлат университети Шарқ факултетининг эрон филологияси бўлимини тугатган (1952). 1956 йили профессор А.Н. Болдирев раҳбарлигида “Алишер Навоийнинг “Мажолисун-нафоис” тазкираси” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлаган.

Навоийшунос, ўзбек мумтоз адабиёти, форс мумтоз адабиёти бўйича мутахассис. 1992 йили Беруний номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган. Ўша йили “Эл-юрт ҳурмати” ордени, 2008 йили “Буюк хизматлари учун” ордени берилди. Теҳрон, Нишопур, Кирмон, Пекин, Анқара, Москва, Санкт-Петербург, Боку, Тбилиси, Ереван, Олмаота, Бишкек, Ашхобод, Душанбе шаҳарларида ўтказилган халқаро конференсияларда илмий маърузалар қилган. 500 дан ортиқ китоб, рисола ва мақолалар чоп эттирган. Илмий раҳбарлиги остида тўққиз киши ўзининг номзодлик диссертациясини ёқлаган.