Қозоғистон миллий валютаси — тенгенинг девальвация қилиниши Ўзбекистон миллий валютаси — сўмга таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақида “Подробно.uz” ахборот агентлигига Марказий банкнинг лицензиялаш ва кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш департаменти директори ўринбосари Жаҳонгир Абдурасулов маълум қилди.

“Хабарингиз бор, Қозоғистон миллий валютаси — тенге 25 фоизга девальвация қилинди. Биз шундай бўлишини билардик, бу жараённи кутаётган эдик. Шунинг учун ушбу ҳолат бизга таъсир кўрсатмайди”, деди Абдурасулов.

Марказий банк вакилининг айтишича, Қозоғистон валютасининг қадрсизланиши нефть нархининг тушиши билан боғлиқ. Чунки Қозоғистон нефть экспорт қиладиган мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистон, ўз навбатида, бундай мамлакат ҳисобланмайди. Шунинг учун ҳам нефть бозоридаги ўзгариш ўзбек миллий валютасига салбий таъсир кўрсатмайди. “Дунё бозоридаги нархнинг тушиши биз учун яхши ҳамдир”, дейди у.