US Embassy in Tashkent

Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йил 19 февралда ўрнатилган. Икки мамлакат ҳамкорлигининг ҳуқуқий негизини олтмишдан зиёд ҳужжат, жумладан, 2002 йилда имзоланган Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация ташкил қилади. Узоқ муддатли ва кўп қиррали алоқалар тенг ҳуқуқлилик, конструктив ҳамкорлик ва ўзаро манфаатдорлик руҳида изчил тараққий этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида ЎзА мухбири Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела СПРАТЛЕН билан суҳбатлашди.

– Спратлен хоним, суҳбатимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида ўтмоқда. Мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган ютуқлар ҳақида нима дея оласиз?

– Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган. Мамлакатимиз Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон ўтган 24 йил ичида мустақил давлат сифатида амалга оширган ислоҳотлари самаралари билан фахрланса арзийди.

Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги тезюрар темир йўл алоқаси дейсизми, ахборот технологиялари соҳасидаги ютуқлар дейсизми ёки ёш авлодга инглиз тилини ўргатишга қаратилаётган эътибор дейсизми, умуман, барча соҳаларда қўлга киритилаётган муваффақиятлар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётганидан далолат беради. Мамлакатингизда турли миллат ва конфессиялар ўртасидаги этник ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, шунингдек, хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик самаралари ҳақида ўз фикрингизни билдирсангиз.

– АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жорий йилнинг ўзида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида АҚШдан кўплаб нуфузли делегациялар Ўзбекистонга ташриф буюрди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларини ривожлантириш ва салоҳиятини янада ошириш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Элчихонамиз ва Тошкентдаги Америка Савдо палатаси Ўзбекистон билан мустаҳкам савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатган ҳамда мамлакатингизга сармоя киритиш истагида бўлган АҚШ компанияларини қўллаб-қувватламоқда.

Фан ва технологиялар соҳаси ҳам АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг энг истиқболли соҳаларидандир.

– Ўзбекистонда демократияни ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикрингиз?

– Демократия интиҳоси йўқ, узлуксиз жараён бўлиб, туб ўзгаришлар вақт талаб этади. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг аъзоси, БМТнинг демократия ва фуқаролик жамиятига оид кўплаб конвенцияларини имзолаган Ўзбекистонда ушбу мақсадларга эришиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз, бу борадаги ҳамкорликни изчил ривожлантиришга тайёрмиз.

Суд соҳасидаги таълимга оид алоқаларимиз фаоллашмоқда, америкалик судьялар ва ҳуқуқшунос амалиётчилар Ўзбекистонда, ўзбекистонлик мутахассислар эса АҚШда учрашувлар ўтказмоқда. АҚШ ва бошқа халқаро шериклар ҳамкорлигида Ўзбекистонда одил судлов тизимидаги ислоҳотларни янада кенгайтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва суд тизимининг ўзаро ҳамкорлигига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилди.

– Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеини юксалтириш, иқтисодий ва ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ҳақидаги фикрингизни билдирсангиз…

– Ўзбекистонда оилавий қадриятларга ва хотин-қизларнинг оилада тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилади. Мамлакатингизда хотин-қизлар давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида фаол иштирок этмоқда.

АҚШ халқи ҳам, Ўзбекистон халқи ҳам эркак ва аёллар барча ҳуқуқ ва қадриятлардан тенг фойдаланиши лозим, деб ҳисоблайди. Маълумки, бу ҳуқуқларни амалиётга татбиқ этиш осон жараён эмас. АҚШ хотин-қизлари барча соҳаларда, бизнес ва таълимдан тортиб сиёсат, тиббиёт ва спортгача бўлган тармоқларда улкан муваффақиятларни қўлга киритган. Ўзбекистонга ташриф буюришимдан кўп ўтмай Хотин-қизлар қўмитасида бўлдим. Мамлакатингизда хотин-қизлар учун яратилган кенг имкониятлар билан танишдим. Ўзбекистоннинг хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.

Ўзбекистонда кўплаб хотин-қизлар билан суҳбатлашдим. Улар фан ва техника, санъат ва маданият, сиёсат ва иқтисодиёт каби кўплаб соҳалардаги фаолиятига оид ижобий тажрибаси ва ютуқлари билан фахрланади. Биз хотин-қизлар учун яратилган бундай имкониятларни янада яхшилаш, уларнинг пухта таълим эгаллаши ва ҳаётдан тўла завқ олиши йўлида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз.

– ЎзА веб-сайтида (www.uza.uz) бериб бориладиган янгиликларни кузатиб борасизми?

– Мен доимий бохабарликка интиламан. Ўзбекистонда ўтказилаётган тадбирлар ва расмий маълумотлардан хабардор бўлиш мақсадида мамлакатингизнинг расмий ахборот манбаи бўлган ЎзА веб-сайтидан фойдаланаман. Сайтингизда юртингизнинг барча ҳудудларидан тезкор материаллар бериб борилади ва мунтазам янгиланиб туради. ЎзА профессионал ва тезкор журналистлари билан фахрланса арзийди. Имкониятларингиз ва журналистларингиз сафи янада кенгайишига тилакдошмиз.

– Ўзбекистон халқига байрам тилакларингиз.

– Мамлакатингиз мустақиллигининг 24 йиллик байрами арафасида АҚШ халқи ва элчихонамиз ходимлари номидан Ўзбекистон халқига абадий тинчлик, фаровонлик, омад ва омонлик тилайман.

Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин!