АҚШ Президенти Барак Обама Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовни Мустақиллик байрами муносабати билан табриклади. “1 сентябрда нишонланадиган Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан Америка Қўшма Штатлари халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига самимий табрикларимни йўллайман”, дейилади табрикда.

Барак Обаманинг айтишича, Америка Қўшма Штатлари 1991 йилнинг 25 декабрида Ўзбекистон мустақиллигини тан олган пайтдан буён мамлакатлар ўзаро ишонч, ҳурмат ва ўзаро манфаатларга асосланган муносабатларни ривожлантириш мақсадида биргаликда ишлаб келмоқда. “Биз давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак қадрлаймиз. Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини ҳамиша қўллаб-қувватлаган, бинобарин, биз демократик, хавф-хатарсиз ва гуллаб-яшнаётган истиқбол йўлида Сиз билан биргаликдаги фаолиятни давом эттираверамиз. Мен келгуси йилларда икки томонлама муносабатларимизнинг янада кенгайишини сабрсизлик билан кутмоқдаман”, дейилади мактубда

Барак Обама Миллий байрам муносабати билан Ўзбекистон янада равнақ топишини тилаб билдирган энг эзгу истакларини қабул қилишни сўраган.