АҚШ Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига 328 та ҳарбий транспорт воситасини етказиб берди

АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга 328 та ҳарбий бронланган транспорт воситасини етказиб беришни якунига етказди. Бу ҳақида Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэл Розенблюм маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳарбий техникаларнинг 308 таси MRAPs бронланган автомобиллари, 20 таси эса бронланган таъмирлаш-эвакуация машиналари ҳисобланади. Америкаликнинг дипломатнинг қайд этишича, ушбу ҳарбий транспорт воситаларидан фойдаланиш учун ўзбекистонлик ҳарбийлар Америкада махсус тайёргарликдан ўтишади.

Розенблюм, шунингдек, ушбу техника воситалари Афғонистонда ишлатилмагани ва АҚШдан тўғридан-тўғри келтирилганини, улар ҳарбий персонал, йўловчиларни портловчи моддалар ва миналардан ҳимоялашга қаратилганини қайд этди.