АҚШ Ўзбекистонга “Ислом давлати” террористик ташкилотига қарши курашиш бўйича халқаро коалицияга қўшилишни таклиф қилди

АҚШ Ўзбекистонга “Ислом давлати” террористик ташкилотига қарши курашиш бўйича халқаро коалицияга қўшилишни таклиф қилди. Бу ҳақида АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниел Розенблюм Ўзбекистонга ташрифи чоғида маълум қилди. Бу ҳақида Reuters хабар тарқатди.

“Биз Ўзбекистон ва бошқа жуда кўплаб мамлакатлардан террористик ташкилотга қарши курашиш борасидаги коалицияга қўшилишни сўрадик. Ушбу коалиция нафақат ҳарбий жиҳатдан, айни пайтда “Ислом давлати”ни молиялаштиришга қарши курашиш, чегаралар орқали ҳаракатланиш ҳақида ахборот алмашиш нуқтаи назаридан ҳам бирмунча фойдалидир. Биз Ўзбекистон билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик нуқтаи назаридан мамлакатларимиз хавфсизлик хизматлари ўртасида ахборот алмашишни кучайтириш тарафдоримиз”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, 27 август куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэл Розенблумни қабул қилди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон—АҚШ мулоқотининг ҳозирги ҳолати ва уни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, гуманитар ва ўзаро манфаатли бўлган бошқа соҳаларда чуқурлаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.