Ислом Каримов (The Associated Press)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мамлакат мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида “чуқур ва пухта ўйланган, машҳур беш тамойилга асосланган, бугунги кунда жаҳон миқёсида “ўзбек модели” деб тан олинган стратегик тараққиёт дастурини ишлаб чиқиб, уни амалга оширганимиз, ҳеч шубҳасиз, тарихимизда ўчмас из қолдириши муқаррар”, деб қайд этди.

Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, биз юртимизда ўзимизга хос, ўзимизга мос ҳаёт қуришда шошма-шошарлик, калтабинлик ҳолатларига, пала-партиш ишларга асло йўл қўймадик. Бошқаларга ўхшаб, маррани ким тезроқ эгаллайди, деган мусобақаларга қўшилмадик, ўзгалардан нусха олмадик, узоқни кўзламайдиган “маслаҳатчи”лардан йироқ бўлдик. Энг муҳими, ўз тақдиримизга, келажагимизга енгил-елпи қараб, таклиф этилаётган кредитларга учиб, қарзга ботганимиз йўқ.

Ҳозирги кунда яқин ва узоқ атрофимизга назар ташлайдиган бўлсак, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар, тўқнашув ва қон тўкишлар, низо ва адоватлар кучайиб бораётганини, мухтасар айтганда, вазият ғоят қалтис бўлиб, тобора мураккаб ва кескин тус олаётганини кўрмаслигимиз мумкин эмас.

Бундай ўта таҳликали вазиятда бизнинг олиб бораётган сиёсатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида, халқаро қонун ва нормаларда муҳрлаб қўйилган асосий принципларга риоя қилиш, юзага келадиган қарама-қаршилик ва низоларни зўравонлик билан эмас, фақатгина тинч ва сиёсий йўл билан ҳал этишни, бугунги кунда дунёнинг турли ҳудудларида давом этаётган уруш ва қон тўкиш ҳолатларини сўзсиз тўхтатишни назарда тутади.

Яна ва яна бир бор айтиб ўтишни зарур деб биламан: Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди. Ўзбекистон давлатининг қонуни даражасига кўтарилган бу тамойилларни, айни шундай чуқур ўйланган йўлни, шундай сиёсатни биз учун энг тўғри, энг маъқул деб биламиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз.

Илгари ҳам айтганман – бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу – ўзбек халқининг истаги, бу – ўзбек халқининг мақсади, бу – ўзбек халқининг қароридир.

Ислом Каримов барчани “Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрами билан яна бир бор табриклаб, қалбимда, юрагимда бўлган энг гўзал, самимий тилакларимни изҳор эт”ди.