Хитой раҳбари Си Цзиньпин: “Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашган Ўзбекистон халқи Хитойга дардкаш бўлган, халқимизни қўллаб-қувватлаган”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2 сентябрь куни Пекин шаҳрига келди.

ЎзАнинг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди.

Давлат раҳбари ХХР Раисини Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги билан табриклаб, Хитой халқи бу ғалабага улкан ҳисса қўшганини таъкидлади.

– Ушбу шонли санада Сизни ва Сиз орқали бутун Хитой халқини табриклаш менга катта мамнуният бағишлайди. Истилочиларга қарши курашиб, кўплаб қурбонлар ва катта йўқотишлар эвазига Иккинчи жаҳон урушининг якунланишига салмоқли ҳисса қўшган инсонлар хотираси олдида бош эгамиз. Бу ғалаба бугун дунёда ҳақли равишда муносиб ўрин эгаллаган янги Хитой давлатининг шаклланиши ва ривожланишига замин яратган, – деди Ислом Каримов.

ХХР Раиси давлатимиз раҳбарини Хитойга ташрифи билан қутлаб, таклифини қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди.

– Сиз билан яна бир бор учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб, Сизни ва дўст Ўзбекистон халқини Мустақиллик байрами билан табриклайман. Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашган Ўзбекистон халқи Хитойга дардкаш бўлган, халқимизни қўллаб-қувватлаган. Биз буни ҳеч қачон унутмаймиз ва бугунги ўзаро ҳамкорлигимизни ғоят қадрлаймиз, – деди Си Цзиньпин.

Мамлакатлар ўртасидаги алоқалар Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация каби қатор муҳим ҳужжатлар асосида изчил тараққий этмоқда.

Пекинда ўтган олий даражадаги мулоқот чоғида томонлар ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсмоқда. Бу кўрсаткич сўнгги 6 йилда 3 карра ортиб, 2014 йилда 4,7 миллиард АҚШ долларига етди. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо айланмаси 11,7 фоиз ўсди.

Ислом Каримов Хитой билан ҳамкорликни юксак қадрлашини, ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Си Цзиньпин Хитой Ўзбекистонни истиқболли стратегик шерикларидан бири деб билишини, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Томонлар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга доир кенг кўламли масалалар, ўзларини қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Президент Ислом Каримов байрам тантаналари муносабати билан Хитойга таклиф этилган мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.

Давлат раҳбари 3 сентябрь куни Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб Пекинда ўтказиладиган тантанали маросимларда қатнашади.