2015 йилнинг 1 сентябридан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорларининг 15 фоизга ошганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ва уларнинг ота-оналари эътиборига айрим маълумотларни етказди. Бу ҳақида вазирлик сайтида маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикасида жорий этилган олий таълим тизимига мувофиқ, тест синовлари натижаларига кўра энг юқори баллар тўплаган талабалар давлат гранти бўйича бепул (ўқишга қабул қилинганларнинг ўртача 33 фоизи) ўқийдилар. Ўз навбатида қабул квоталари доирасида “ўтиш” балларини тўплаган талабалар эса, уларни ўқитишга сарфланадиган харажатларни қисман қоплашни назарда тутувчи тўлов-контракт шакли асосида ўқийдилар.

Шу билан бирга талабаларга, уларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт шакли асосида ўқишидан қатъий назар, ҳар ойда стипендия тўлаб борилади. Кўрсатиб ўтиш жоизки, хорижий давлатларда талабаларга ҳар ойлик стипендиялар тўланмайди.

Ҳозирги вақтда стипендиянинг ўртача ойлик миқдори 300 минг сўмни ёки йилига 3,6 млн. сўмни ташкил этади ва у ўқитиш қиймати контракт миқдорига тўлиқ киритилади. Бунда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг 40-60 фоизини стипендия ташкил этади, яъни талабага ўзи томонидан ўқиш учун тўланган маблағнинг тахминан ярми ўқув йили давомида ойлик стипендия кўринишида қайтарилади.

Бу механизм талабаларнинг ўқишига зиён келтирган ҳолда пул ишлашга вақт сарфламасдан, бутун диққат-эътиборларини таълим олишга қаратишларига имкон яратади.

Юқоридагиларга асосан янги ўқув йилида тўлов-контракт қиймати миқдорини индексация қилишда, асосий омил сифатида, ўтган ўқув йилида стипендия ва ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорларининг 23,2 фоизга, тўлов-контракт миқдорларининг эса атиги 10 фоизга ошганлиги, аниқроғи олий таълим муассасалари харажатлари уларнинг тушумларидан тезроқ ўсганлиги инобатга олинди.

Шу билан бирга, тўлов-контракт миқдорини 15 фоизга оширишда 2015 йилнинг 1 сентябридан стипендиялар ва ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорини 10 фоизга оширилганлигини қоплаш лозимлиги, акс ҳолда янги ўқув йилининг якунига келиб олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича тегишли харажатлар учун маблағлар етишмовчилиги келиб чиқиши ҳам ҳисобга олинди.

Жумладан, жорий йилнинг 1 сентябридан тўлов-контракт қиймати бир талабани ўқитиш учун келиб чиқадиган харажатлар танланган таълим йўналиши харажатларидан келиб чиқиб, 5,8 млн. сўмдан 8,5 млн. сўмгача миқдорда белгиланди.

Масалан, “Педагогика” йўналиши бўйича тўлов-контракт миқдори 5,8 млн. сўмни ташкил этгани ҳолда, моддий-техник ва лаборатория базаси ҳамда педагогик ставкалар сонига (ўқитувчиларга) талаб юқори бўлган “Соғлиқни сақлаш” йўналишида 7,65 млн. сўмни ташкил этади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, талабага тўланаётган стипендияни ҳисобга олмаган ҳолдаги ўқитиш учун тўловнинг хақиқий миқдори 2,2-4,9 млн.сўмни ёки 850-1900 долларни ташкил этмоқда, бу эса Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари, айниқса узоқ хорижий давлатлардаги олий таълим муассасаларида ўқитиш қийматидан бир неча бор пастдир.

Яна таъкидлаш лозимки, контракт асосида таълим олаётган талабалар томонидан амалга оширилаётган тўловлар олий таълим муассасалари жорий харажатларининг фақат маълум бир қисмини қоплайди, қачонки, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқув ва ижтимоий инфратузилмасини модернизация қилиш, замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва мебеллар билан жиҳозлаш, кутубхона фондини тўлдириш ва бошқа харажатларнинг 90 фоизидан ошиғи давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабаларни ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган барча саволларга, шу жумладан ўқиш учун тўлов шакли, талабалар ва уларнинг ота-оналари томонидан таълим олиш учун иш хақидан йўналтириладиган маблағларга қўлланиладиган имтиёз ва енгилликлар қўллаш тартибига тааллуқли, шунингдек таълим кредити ва бошқа саволларга ёзма шаклда ҳамда давлат интерактив хизматлари орқали жавоб беришга тайёрлигини маълум қилади.