Россия, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳамда Тожикистон иқтисодий интеграция жараёнларини янада чуқурлаштиради. Россия Президенти Владимир Путин тегишли қонун лойиҳасини мамлакат парламентига тақдим қилди. Ушбу қонун лойиҳаси Россия, Арманистон, Белорусь, Козоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида ягона молиявий бозорни ташкил этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилишни кўзда тутади.

Битим иштирокчилари ўртасидаги валюта амалиёти уларни доллар ёки еврога ҳисобламасдан амалга оширилади. Ушбу битим 2012 йилда Ашҳободда МДҲ мамлакатлари раҳбарлари саммитида имзоланган.

Россия ҳукуматининг маълум қилишича, ушбу битим истиқболда МДҲ маконида яона молиявий бозорни шакллантиришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Владимир Путиннинг қайд этишича, битимнинг ҳаётга татбиқ этилиши “банкларимизнинг ўз фаолиятини самарали йўлга қўйишига ҳамда минтақада макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади”.

Битимга мувофиқ, иштирокчи-давлатлар ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланишлари мумкин бўлади. Россия тарафининг айтишича, ушбу битим миллий валюталарнинг тўлов қобилиятини мустаҳкамлайди.

Ушбу битимни Озарбойжон, Молдова, Ўзбекистон, Туркманистон ва Украина имзоламади.

SHARE